📊 Юртимизда туберкулёз касаллигига қарши кураш соҳаси эришилаётган ютуқлар борасида 13 та фактни эътиборингизга ҳавола қиламиз. (https://telegra.ph/file/2402f6885fccb80cdeb96.png)
🫁 1. Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросига аъзо мамлакат сифатида 53 давлат орасида туберкулёзга қарши курашиш дастурининг бажарилиш натижалари бўйича бир неча йилдан бери етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.
👨🏻💻 2. 2023 йил 22 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги 78-сессияси доирасида туберкулёз касаллиги бўйича Олий даражадаги мажлисига Ўзбекистон томони туберкулёзга қарши курашишда эришган ютуқларини инобатга олиб, раислик қилди.
🧪 3. Ҳозирда туберкулёз касаллигини аниқлаш бўйича туман, шаҳар, туманлараро, вилоят ва марказий лабораториялардан иборат 5 босқичли замонавий тизим ишлаб турибди.
💊 4. Хасталик профилактикаси, диагностикаси ва муолажаси учун зарур барча дори воситалари билан давлат томонидан бепул таъминланмоқда ва бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан йил ошириляпти. Давлат бюджети хисобидан ҳар йили ЖССТ преквалификацион сифатига эга туберкулёзга қарши дори воситалари Global Drug Facility (GDF) халқаро платформаси орқали харид қилинмоқда.
🔬 5. Авваллари юртимизда туберкулёзни аниқлаш учун 3-4 ойлаб вақт талаб этилган бўлса, ҳозирги кунда генно-молекуляр усул орқали бор-йўғи 70 дақиқа ичида касаликка аниқ ташхис қўйилмоқда.
📋 6. Сўнги йилларда ЖССТ тавсиялари асосида фтизиатрия бўйича барча клиник кўрсатмалар янгиланди, жами 2000 нафар мутахассис қайта тайёргарликдан ўтди.
🤱🏻 7. Туберкулёз касаллиги тарқалишининг олдини олиш учун ҳар йили янги туғилган чақалоқларнинг 97 фоизи эмланмоқда.
👩🏻🔬 8. Мамлакатимиз бўйлаб 97 та ПЗР лабораторияси фаолият кўрсатмоқда, улардан 40 таси бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида жойлашган.
📆 9. Илғор операция усуллари жорий этилиши, самарали дори-дармонлар қўлланилиши натижасида туберкулёзнинг турғун шакли билан касалланган беморларни даволаш муддати 2 йилдан 6-9 ойга қисқарди.
📊 10. Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда туберкулёз касаллиги билан касалланиш ва аҳолининг ўлим даражаси сезиларли пасайиб бормокда.
🧑🏻⚕️ 11. Туберкулёз касаллигини даволаш самарадорлиги 90 фоизга етказилди ва бу ЖССТнинг касалликни тугатиш стратегияси мақсадларига мос келади.
🚐 12. Вилоятларнинг олис ҳудудларида истиқомат қиладиган аҳолининг туберкулёз ва респиратор касалликларга скринингини ўтказиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “Ўпка саломатлиги” мобил бригадалари микроавтобуслар ва 4 турдаги (сунъий интелект тизими билан мобил рақамли рентген, ПЦР, электрокардиограф, мобил спирометр) ускуналар билан таъминланди.
💻 13. Рақамли технологиялар ёрдамида беморларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амбулатор даволашнинг видеоназорат усули бутун мамлакат бўйлаб татбиқ қилинди. Ушбу инновацион ёндашув, айниқса, олис чекка ҳудудларда яшовчи аҳолида даволаниш имкониятларини кенгайтиради.
Маълумот учун: ўтган йилги каби Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш куни бу йил ҳам дунё бўйлаб “Ҳа! Туберкулёзга барҳам бера оламиз!” шиори остида ўтказилмоқда. Ушбу сананинг рамзи соғлом нафас олишнинг тимсоли бўлган оқ мойчечак ҳисобланади. (https://telegra.ph/file/2402f6885fccb80cdeb96.png)
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.