Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган «Ҳисорак» сув омбори тўғонида ёриқ пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, бугун, 10 июнь куни Шаҳрисабз туманида жойлашган «Ҳисорак ГEС» УК бошқармасига қарашли «Ҳисорак» сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннель очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган.
Манбага кўра, ҳозирда авария оқибатини бартараф этиш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб борилмоқда.
«Вазият ФВБ назоратида, сув омборига шикаст етмаган. Ҳурматли фуқаролар ортиқча хавотирга ўрин йўқ, вазият тўлиқ назоратга олинган», дейилади вазирлик муносабатида.
Қўшимча қилинишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.