Ўзбекистон ёшлари Германия тажрибаси асосида касбга ўқитилади ва ишга жойлаштирилади

Ўзбекистонда Германия тажрибаси асосида ёшларни касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистон ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларни муносиб ҳақ тўланадиган иш билан таъминлашда Германия тажрибасидан фойдаланади. Бу ҳақда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов 7 декабр куни президент йиғилиши якунлари бўйича «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унга кўра, давлат раҳбари Германия тажрибасини ўрганиш ва шу асосда техникумлар йўналишларини қайта кўриб чиқиш ва уларни дуал таълим тизимига (кадрлар тайёрлашнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисм эса иш жойида олиб бориладиган ўқув турига) ўтказиш вазифасини қўйди.

Гап Ausbildung дуал таълим дастури ҳақида кетмоқда, унда ўқувчилар касб-ҳунар мактабида таҳсил олади ва шу билан бирга корхонада ҳам ишлайди.

«Ausbildung тизими уч кун ишлаб чиқариш ва икки кун назарий билимни олишни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда Германияда 50 фоиз ўрта бўғин соҳасидаги касбга эга бўлаётган ёшлар Ausbildung тизими орқали ўзининг малакасини шакллантиради. Ўзбекистонда ҳам шу тизим бўйича ҳозир ҳамкорлик қилиш бўйича президентимиздан топшириқ олдик», — деди Олий таълим вазирлиги раҳбари.

Қўнғиротбой Шарипов Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда дуал таълим ва ишлаб чиқариш корхоналарига эга техникумларни ўз ичига олган электрон Ausbildung платформасини яратиш режалаштирилаётганини таъкидлади. Талабалар техникум ва иш берувчи билан ушбу корхонада ишга жойлашишни назарда тутувчи уч томонлама шартнома тузади.

«Ҳурматли президентимиз томонидан яна бир муҳим топшириқ берилди. Германияда Ausbildung тизими асосида таълим оладиган ёшларимиз бир йил Ўзбекистонда таълим олишади ва қолган икки йилда Германияда таълим олишади. Германияда таълим олиш жараёнида улар бир пайтнинг ўзида ҳам ўқийди, уч кун ўзи белгиланган корхонада иш фаолиятини давом эттиради», — деди у.

Йиғилишда дуал таълим тизимини ривожлантириш бўйича техникумлар ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий тажрибаси қайд этилди. Хусусан, Асака транспорт ва машинасозлик техникуми, Бухоро энергетика, нефт ва газ техникуми, Ширин энергетика техникуми, шунингдек, Ғузор ва Шаҳрисабздаги техникумларда маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда замонавий мутахассислар тайёрланмоқда.

Президент мазкур жараёнда иштирок этаётган хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, улар учун дуал таълимни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини белгилаб берди.

Германия билан биргаликда 14 та техникумда талаб юқори бўлган касблар ва немис тилини ўқитиш ташкил этилди. Ҳокимлар ва соҳа раҳбарларига ҳар бир ҳудуддаги камида бешта техникумда шундай тажрибани жорий этиш топширилди.

Haqida newsadmin

Boshqa yangilik

Buxoro viloyati Favqulodda vaziyatlar boshqarmasiga yangi boshliq tayinlandi

O‘zbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirining tegishli buyrug‘i bilan polkovnik Ayubov Shukurllo Hamroyevich Buxoro viloyati Favqulodda …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan