Иккинчи марта ташкил этилган мазкур турнирда ватандошлардан тузилган 8 та жамоа 2 гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб борди.
Жумладан, “А” гуруҳидан “Максимум”, “Кўктош 2”, “Хоффен” ва “Мароканд”, “Б” гуруҳидан эса “Ҳижрон”, “Турон”, “Иштихон” ва “Кўктош” жамоалари жой олди.
Турнир қизғин курашлар ва дўстона кайфиятда ўтди. Жамоалар ҳаваскорлар даражасида бўлсада, юқори савияда футбол намойиш этишга интилди. Буни турнир баҳсларини бошқариб борган профессионал швед ҳакамлари ҳам қайд этишди.
Мусобақа якунида “Максимум” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. “Кўктош 2” жамоаси иккинчи, “Кўктош” жамоаси эса учинчи ўринни банд этди. Турнирнинг энг яхши тўртинчи жамоаси номи “Турон” клубига насиб қилди.
Турнир ғолиби “Максимум” жамоасига Ўзбекистон элчихонасининг махсус кубоги топширилди.
Бундан ташқари, барча совриндорлар “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда ҳомийлар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. “Турнирнинг энг яхши футболчиси” ва “Энг яхши дарвозабон” номинацияларида эътироф этилганларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, ватандошлар ўртасида ўтказилган мазкур чемпионат иштирокчилар ва мухлисларда катта таассурот қолдирди. Улар турнир ташаббускори бўлган мамлакатимиз элчихонасига миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистоннинг Швециядаги дипломатик ваколатхонаси маълумотига кўра, Норвегия ва Даниядаги ватандошлар ўртасида ҳам ана шундай турнирлар ўтказилиши режалаштирилган.