Халқаро олимпиаларнинг вилоят ва республика босқичи ғолибларини тақдирлаш учун жами 8 млрд. сўм ажратилган.
АОКАда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 9-14 июнь кунлари ўтказиладиган Абу Али Ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасини ташкил этиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Мазкур олимпиадада дунёнинг 19 та мамлакати — Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Монголия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Қувайт, Белорус, Қатар, Грузия, Таиланд, Ветнам, Хитой, Туркия, Финляндия давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат, жами 120 нафар (30 та жамоа) ўқувчи-ёшлар иштирок этади.
Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтиши учун ҳакамлар ҳайъати таркибига Туркия, Озарбайжон, Россия, Белорус, Қирғизистон давлатларидан халқаро олимпиадалар бўйича кўп йиллик тажрибага, юқори салоҳиятга эга эксперт мутахассислар жалб қилинмоқда.
15-18 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Абу Али Ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси 2 турда ташкил этилади.
Икки тур учун максимал 80 балл берилади. Ғолиб ва совриндорлар олтин, кумуш, бронза медаллари, Диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Маълумот учун: энг нуфузли халқаро олимпиадаларда медал билан тақдирланган ўқувчилар давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинади, устозларига эса келгуси ўқув йили учун 200 фоизгача устама белгиланади.
Минтақавий халқаро олимпиадаларда медал билан тақдирланган ўқувчилар олий таълим муассасаларига киришда ўз фанидан максимал баллга эга бўлади