Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида “Ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида вилоят Фавқулодда вазиятлар, “Аму-Бухоро” ирригация тизимлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармалари, Дезинфекция станцияси раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирок этди.
Матбуот анжумани 2024 йилда вилоят Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизими мутасадди хизматларининг болалар ёзги дам олиш оромгоҳларида ҳамда чўмилиш мавсумида аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган амалий тадбирлар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида, Бухоро вилояти ҳудудида 10 та стационар болаларни дам олиш оромгоҳларида ҳамда 132 та мактаболди соғломлаштириш оромгоҳлари мавжуд. Бошқарма давлат ёнғин назорати органлари ходимлари томонидан стационар оромгоҳлар ва соғломлаштириш майдончаларида профильактик кўриклар ва текширувлар ўтказилиб, текшириш ва профильактик кўриклар давомида асосий эътибор, оромгоҳлар электр таъминотининг “Электр ускуналарнинг тузилиш қоидалари” талаблари асосида бажарилганлигига, ишчи-хизматчиларнинг ёнғин ёки фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш тартибини билишларига, ёнғин ўчиришга мўлжалланган сув ҳавзалари, гидрантлар созлиги ва сув билан таъминланганлиги, оромгоҳларнинг ёнғинни ўчириш бирламчи воситалари билан етарли даражада таъминланганлигига, ёнғин ўчириш техниклари, шу жумладан, мотопомпа, сув тортиш насосларининг мавжудлиги ва уларнинг созлигига, тельефон ёки “рация” алоқасининг мавжудлиги ва созлигига, оромгоҳ биноларининг ёғоч қурилиш қисмларининг тез ёниш хусусиятини пасайтириш мақсадида, ёнғинга қарши кимёвий суюқлик билан ишлов берилганлиги, биноларда мавжуд заҳира чиқиш эшикларининг ҳолати ва бошқа ёнғинга қарши тадбирларнинг амалга оширилганлигига қаратилди.
Бухоро вилоятида Қрим конго геморрагик иситмаси, куйдирги, бруцеллёз ва қутуриш каби ўта хавфли юқумли касалликлар хавфи мавжуд бўлиб, вилоят Соғлиқни сақлаш, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан мазкур касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар мунтазам равишда амалга ошириб борилади.
Бухоро вилояти ўзига хос иқлимга эга бўлиб, об ҳаво ҳарорати май ойининг ўрталарига келиб 35-40 даража иссиққача кўтарилиши беихтиёр аҳолини салқин сув ҳавзалари бўйига чорлайди. Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан вилоят ҳудудидаги чўмилишга рухсат этилган очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди. Шу ўринда вилоят ҳудудидан ўтган канал, ариқ ва зовурлар чўмилиш учун рухсат этилмаган жойлар бўлиб, бу жойларда чўмилиш инсон ҳаёти учун жудаям хавфли эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, анжуман давомида 2023 йил давомида вилоятда сувда чўкиш оқибатида инсонларнинг ўлими билан боғлиқ статистик маълумотларга алоҳида тўхталиб, булар орасида талаба ёшлар ва ёш болаларнинг борлиги ота – оналар, таълим муассасалари ва ички ишлар органлари ходимлари зиммасига катта масъулият юклаб, назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Матбуот анжуманида иштирок этган журналистлар ва блогерлар томонидан ҳар бир йўналиш бўйича тегишли саволлар берилди. Саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоблар берилди.