OCCRP суриштирувчи журналистлар консорциуми ҳокимиятдан ағдарилган Сурия диктатори Башар Асадни «2024 йилнинг коррупционери» деб атади. Экваториал Гвинеянинг узоқ йиллик ҳукмдори «Умр давомида эришган антиютуқлари учун» мукофотини олди.

«Асад режими бутун минтақа бўйлаб зўравонлик, гиёҳвандлик ва коррупцияни тарқатиб, каптагон (синтетик гиёҳвандлик воситаси) ишлаб чиқариш ва одам савдоси, тамаки контрабандаси, қадимий буюмларни ўғирлаш, қурол савдоси ва бошқа турдаги жиноятлардан миллиардлаб доллар даромад олди», — дея маълум қилди OCCRP. Араб тилидаги мустақил Daraj.com медиа-платформаси асосчиси Алия Иброҳимнинг сўзларига кўра, Сурия ва бутун минтақа учун Асад ҳукмронлиги оқибатларини бартараф этиш учун «бир неча ўн йиллар керак бўлади».
Пресс-релизда таъкидланишича, 40 мингдан ортиқ одам Кения президенти Уилям Рутони «йил коррупционери» деб эътироф этишни таклиф қилган. Июл ойида Кенияда минглаб одамлар бюджетнинг қисқартирилиши, мамлакатдаги ишсизлик ва коррупцияга қарши намойишга чиққан эди. Бу намойишлар хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилди, кўплаб одамлар ҳалок бўлди. Бироқ, OCCRP мукофотни Асадга беришга қарор қилди, чунки «кўплаб мамлакатлар унинг жиноий ҳаракатларидан жабр кўрди»
Экваториал Гвинея диктаторининг «Умр давомида эришган антиютуқлари»
2024 йилда OCCRP биринчи марта «Умр давомида эришган антиютуқлари учун» махсус тоифасини тақдим этди. Мукофотни Экваториал Гвинея президенти, дунёда энг узоқ вақт ҳукмронлик қилаётган диктаторлардан бири Теодоро Обианг Нгема Мбасого олди. У 1979 йилда амакисини ҳокимиятдан ағдариш учун давлат тўнтаришига бошчилик қилган ва ўша пайтдан бери ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқлар орқали ўзгача фикрни бостирган, дейилади пресс-релизда.
«Қўрқитиш, репрессия ва коррупция орқали Теодоро Обианг бойлик ва жазосизлик сулоласини яратди, – деди ганалик суриштирувчи журналист Анас Аремейо Анас. – Унинг диктаторлик тенденциялари бутун Африка қитъасидаги ҳукмдорлар томонидан тақлид қилинмоқда. Бугунги давлат тўнтариши етакчилари унга ўхшаган коррупциянинг отаси бўлишга интилиб, унга чўқинтирган ота сифатида қарашади».