
Жанубий Корея полицияси ҳарбий ҳолат эълон қилингани муносабати билан президент Юн Сок Ёлга нисбатан «давлатга хиёнат» айблови бўйича тергов бошлади. Шунингдек, собиқ мудофаа вазири, армия штаби бошлиғи ва ички ишлар вазири ҳам иш фигурантларига айланган.
Жанубий Корея полицияси 3 декабр куни ҳарбий ҳолат эълон қилингани муносабати билан давлатга хиёнат қилишда гумон қилинган президент Юн Сок Ёлга нисбатан тергов бошлади, деб хабар берадиYonhap агентлиги.
Терговни ўтказиш Миллий полиция агентлиги Миллий тергов бошқармаси қошидаги хавфсизлик бўйича тергов гуруҳига топширилган. Идорага иккита шикоят келиб тушган: бири мухолифат «Кореяни тиклаш» партиясидан, иккинчиси — 59 нафар фаолдан иборат гуруҳ томонидан. Шикоятларда нафақат Юн Сок Ёл, балки собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён, армия штаби бошлиғи генерал Пак Ан Су ва ички ишлар вазири Ли Сан Мин ҳам кўрсатилган.
Даъво аризаларида улар ҳарбий ҳолатни эълон қилиш ва кейинчалик бекор қилишдаги роли учун давлатга хиёнат ҳамда бошқа тегишли жиноятларда айбланмоқда. Бундай даъволар, шунингдек, прокуратура ва юқори мартабали амалдорларнинг коррупцияга алоқадорлигини тергов қилиш бошқармасига ҳам келиб тушган. Идора ўз терговини ўтказиш ёки уни полицияга топшириш масаласини кўриб чиқмоқда.