
Бўстонлиқ туманида профилактика инспектори хизмат хонадонида турмуш ўртоғи ва 7 ойлик чақалоғини, сўнгра ўзини отиб ўлдирди. Воқеага эр-хотиннинг ўртасида келиб чиққан келишмовчилик сабаб бўлгани айтилмоқда.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ички ишлар бошқармаси профилактика инспектори турмуш ўртоғи, фарзанди ва ўзини отиб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат 6 август куни соат 21:00 атрофида ходимнинг хизмат хонадонида содир бўлган. 28 ёшли инспектор ва ўзи тенги турмуш ўртоғи ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.
Оқибатда ходим ўзига бириктирилган «ПМ табель» қуроли билан хотини ва 7 ойлик ўғил фарзандига ўқ узиб қасддан ўлдирган. Шундан сўнг, қуроли билан ўзининг бош қисмидан бир маротаба ўқ узиб, жонига қасд қилган.
Ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.