Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Бухоро вилоят бошқармасида “Бўйинбоғсиз кун” лойиҳаси доирасида пресс-тур бўлиб ўтди.
Тадбирда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар қатнашди. Иштирокчилар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ашур Тўхтаевнинг кунлик фаолияти билан танишди.
Тадбир давомида иштирокчилар бошқарма раҳбарияти билан очиқ мулоқотда бўлди. Иш жараёнларини ўрганиш имкониятига эга бўлди. Шундан сўнг, лаборатория фаолияти билан танишиб чиққан иштирокчилар, Бухоро вилоятининг Олот тумани бозоридаги тиббий хизматлар ва санитар-эпидемиологик назоратининг қандай амалга оширилаётганини кузатди.
Шунингдек, иштирокчилар тумандаги мактабгача таълим ташкилотининг санитария тарғиботи фаолиятини ёритиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш мақсадида, тумандаги 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлди. Шу билан бирга, “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Олот тумани бўлими бошлиғи Ш.Тошев томонидан қилинган ишлар бўйича тақдимот ҳам ўтказилди.
Пресс-тур нафақат ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки вилоятдаги санитария-эпидемиологик хизматларининг фаолиятини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш имкониятини яратди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири